АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ўзбекистонлик фермерларнинг мева-сабзавотлар экспорти учун 130 млн доллар маблағ ажратади. Бу ҳақида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берган.

Жорий йилнинг 25-26 февраль кунлари ўтказилган «Фарғона водийсининг мева-сабзавотчилик соҳаси: экспорт салоҳияти» номли Форумда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар хорижий ҳамкорлар билан савдо бўйича қиймати 130 млн долларга тенг бўлган протоколлар имзолаган, дейилади манбада.

USAID томонидан ташкил этилган форумда 500 дан зиёд турли тармоқлар вакиллари, савдо бирлашмалари, транспорт-логистика компаниялари, элчихоналар, фермер хўжаликлари, шунингдек, Европа ва МДҲ мамлакатларидан келган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ҳам қатнашган.

Икки кунлик тадбир доирасида турли семинарлар, яккама-якка савдо мулоқотлари, кўргазма-ярмарка, шунингдек, фермер хўжаликлари ва транспорт-логистика марказларига саёҳатлар уюштирилган.