Франциянинг Le Nouvel Observateur газетаси 10 мартда, номи айтилмаган юқори лавозимли манбага иқтибос келтирган ҳолда январь ойи бошида Франция соҳиллари яқинида, Бискай кўрфазида Россия сув ости кемаси аниқланганини маълум қилди. Сув ости кемаси бортида ядровий каллаклар билан жиҳозланган ракеталар жойлашган бўлиши мумкин бўлган.

Газетанинг таъкидлашича, совуқ уруш якунлангандан кейин Франциянинг бу ҳудудида рус сув ости кемаси биринчи марта аниқланди. Франция мудофаа вазирлиги бу маълумотни тасдиқламаган, бироқ инкор ҳам этмаган.

Атлантика океанининг шарқий қисмида турли флотларнинг сув ости кемалари мунтазам учраб туради. 2009 йил февралда Буюк Британия соҳилларида Франциянинг Le Triomphant ва Британиянинг Vanguard сув ости кемалари тўқнашиб кетган.

Ўшанда Франция мудофаа вазири бўлган Эрве Мореннинг айтишича, тўқнашувга сув ости кемаларининг кам шовқинлиги сабаб бўлган, кемалар экипажлари шу сабабли бир-бирларини эшитишмаган. Тўқнашув оқибатида иккала кема ҳам таъмирталаб ҳолга келган ва таъмирлашга жўнатилган.

Россия сув ости кемалари ҳам Атлантиканинг шарқий қисмига вақти-вақти билан кириб туради. Бу қоидага кўра, уларнинг Қутбортидаги жойлашган ўринларидан Ўрта Ер денгизига ўтаётганларида юз беради.