Қозоғистонлик олимлар Қозоғистон сайёҳлик ва география илмий-тадқиқот институти билан биргаликда Антарктидада Қозоғистоннинг қутб станциясини очиш таклифини билдирмоқдалар. Бу ҳақда Жанубий қутбга уюштирилган биринчи қозоқ экспедициясининг иштирокчиси, география фанлари доктори Орденбек Мазбаев маълум қилди, деб хабар бермоқда "Казинформ" ахборот агентлиги.

"Қозоғистон Антарктика ҳақидаги халқаро битимга кириши, уни ратификация қилиши режалаштирилмоқда. Станция Қозоғистон фани, биологияси, тиббиёти, иқлимшунослиги, психологияси ва географияси манфаати учун керак. Бу ноёб тажриба майдончаси бўлади", деб айтди Мазбаев.

Олим бу ташаббусни қозоғистонликлар, жумладан ҳомийлик билан қўллаб-қувватлашларига умид билдирмоқда.

Антарктика ҳақидаги битим Антарктида ҳудудини қуролсизлантириш, ундан фақатгина тинчлик мақсадида фойдаланиш ва ядровий қуролдан озод ҳудудга айлантиришни кўзда тутувчи келишувдир. Ушбу шартнома 1959 йил 1 декабрда Вашингтонда тузилган. Айни вақтда унга 46 давлат аъзо.