Австралиялик биологлар қитъанинг шарқи Квинсленд штатида чучук сувларда кун кўрувчи янги ўргимчак турини кашф этишди.

Унинг ғаройиблиги шунда-ки, у бошқа аждодларидек ин солмайди, ўз қурбонлари ҳақида эса сув юзасининг тебранишидан билиб олади.

Олимлар бу янги турни атоқли америкалик физик олим Брайан Грин шарафига Dolomedes briangreenei деб аташга қарор қилишди.

Квинсленд музейи тадқиқотчи-арахнологи Роберт Рэйвен сўзларига кўра, қисқача исми Брайан бўлган бу ўргимчак сузишни, сув юзасида сирпанишни ва шўнғишни билади. Одатда у сув юзасида ҳашоротларни кутиб қотиб туради. Ўлжасига ташланиб ушлаб олади, заҳари билан карахтлайди ва чўктиради, кейин қирғоққа қайтиб истеъмолни бошлайди.

Ўргимчак бир соатгача сув остида юра олади. Ҳажми ўзидан уч баробаргача катта бўлган ҳашорот, балиқчаларни енга олади. Қолаверса, у одамлар учун унча хавф туғдирмайди.