Муҳтарам юртбошимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 19 феврал кунги “2016 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Элликқалъа туманида мақсадли режа асосида ишлар йўлга қўйилди..

Туманда Наврўз умумхалқ байрам тадбирлари барча овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона, ташкилот ва муассасаларда кенг нишонлаш ва юқори савияда ўтказиш кўзда тутилган бўлиб, 2 март куни “Гулистон” ва “Қизилқум” овул фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтди.

Бугун эса туман маркази Бўстон шаҳридаги сумалак сайиллари давом эттирилди. Нуроний онахонлар дошқозонларда сумалак ва миллий таомлар тайёрланган бўлса, миллий спорт турлари бўйича ўтказилган мусобақалар, ҳунармандлар ва ёш рассомлар кўргазмалари, миллий таомлар кўргазмалари байрамни янада жозибали ўтишини таъминлади. От чоптириш, қўчқор уруштириш, хўроз уруштириш, миллий кураш, варрак учириш, тош кўтариш, бектош каби миллий ўйинлар Наврўз сайлига ўзгача уйғунлик бахш этди.

Туман маданият ва спорт ишлари бўлими томонидан тайёрланган концерт дастурида тумандаги санъат усталари, ёш ижодкорлар ўз ижод наъмуналари билан иштирок этдилар.

Тадбирларни ташкил этишда кенг жамоатчилик, аҳолининг барча қатлам вакиллари ташаббускорлигини ошириш мақсадида овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларини, аҳолини кенг жалб этиш орқали кўп қаватли уйлар атрофини, маҳалла ва гузарлар, бозорлар, зиёратгоҳлар ва қабристонлар ҳудудларида ва бошқа инфратузилма объектларида ободонлаштириш ишлари мунтазам ташкил қилинмоқда. Тумандаги ҳар бир фуқаро “Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига 25 туп дарахт менинг совғам” шиорига амал қилиб, янгидан мевали ва манзарали кўчатлар экиб, шахарнинг кўркам кўринишига ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Байрам арафасида аҳоли эҳтиёжи учун зарур савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари, таълим муассасалари, замонавий лойиҳалар асосида барпо этилган янги 15 дан ортиқ объектлари фойдаланишга топширилади.

Аҳоли ўртасида Наврўз умумхалқ байрамининг мазмун-мохиятини тушунтириш ва тарғиб этиш, улар ўртасида байрамона кайфият, кўтаринки руҳ ва муҳит яратиш мақсадида таниқли шоирлар, ёзувчилар, спортчилар, санъат ва маданият ходимлари иштирокида учрашувлар, давра суҳбатларини ўтказиш, шунингдек маданий тадбирлар, спорт мусобақалари ва тарғибот-ташвиқот ишларини давом эттириш режалаштирилган. Туманда асосий байрам тадбирлари 19 март куни бўлиб ўтади.

Дилшодбек Жуманиёзов
Kun.Uz учун махсус
Элликқалъа туманидан.