Жорий йилнинг 1-6 март кунлари Кипрнинг Протарас шаҳрида математика фани бўйича “SEEMOUS” ўнинчи халқаро олимпиадаси ўтказилди. Унда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоаси иккита олтин медални қўлга киритди.

Кипр таълим ва маданият вазирлиги, математика жамияти ҳамда Жануби-Шарқий Европа математика жамияти томонидан ташкил этилган мазкур интеллектуал беллашувда йигирмадан ортиқ мамлакатдан 43 университет жамоасининг 150дан зиёд иқтидорли талабалари иштирок этди, деб хабар беради ЎзА.

Танловда қатнашган Ўзбекистон Миллий университетининг механика-математика факультети 2-курс талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Иброҳимов биттадан олтин медаль, Мирмуҳсин Маҳмудов махсус диплом билан тақдирланди.

Ўзбекистон миллий университетида бўлиб ўтган ғолибларни тақдирлаш тадбирида ғолиб ва совриндорларга дипломлар топширилди.