Литванинг Скуодас шаҳридаги мактаб ўқитувчиси ўзининг 77 нафар ўқувчисига сил юқтирди. Бу ҳақда Литва парламентининг соғлиқни сақлаш қўмитаси йиғилишида Клайпедс жамоатчилик саломатлиги маркази директори Римантас-Йонас Пилипавичюс маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

"Бугун мактабнинг 568 нафар ўқувчисига Манту эмлаши қилинди: 1-4-синфларда 4 нафар ўқувчида, 5-8-синфларда 73 нафар ўқувчида, жами 77 нафар ўқувчида силга ижобий натижа чиққан", деб айтди Пилипавичюс.

Унинг айтишича, жорий йилда аввалроқ мактабдаги ўқитувчиларнинг бирида силнинг очиқ шакли аниқланганди.

Литва фан ва таълим вазири ўринбосари Наталья Истоминанинг айтишича, силнинг тарқалишига ўқитувчининг ўз саломатлигига беэътиборлиги сабаб бўлган.

"Ўқитувчи сил билан касалланганини билмаган, бироқ йўталиб юрган. Унинг бу йўталига атрофдагилар ва ҳамкасблари эътибор қаратишган. Бироқ у шифокорларга учрашмаган", деб айтди Истомина.

Ўқитувчида хавфли касаллик борлиги жорий йил бошида икки нафар ўқувчи сил касали ташхиси билан госпитализация қилингандан кейин аниқланган. Бундан кейин мактабнинг барча ходимлари ўпкани рентген қилдиргани юборилган.

"Рентген қилинган кундаёқ ўқитувчи шифохонага ётқазилди", деб айтди Истомина.

Шифокорларнинг аниқлашича, ўқитувчининг ўпкасида ўзгаришлар бир неча йил аввалоқ бошланган, бироқ у бундан бехабар бўлган.

Скуодас мэри Пятрас Пушинскас вазият назорат остига олингани таъкидлаб ўтди.

"Биз дезинфекция учун пул ажратдик. Касалланган ўқувчиларнинг оилалари ва мактаб жамоаси текширувдан ўтқазилди", деб айтди мэр.