Германия канцлери Ангела Меркель ҳар ой 3 мингга яқин ироқлик Германиядан Ироққа жўнатилишини айтди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

"Айни вақтда Ироқдаги шаҳарлар ИШИДдан озод қилингандан кейин ҳар ойда Ироққа 3 минг қочқин қайтарилмоқда ва бу тенденция ошмоқда", деб айтди Меркель Баден-Вюртемберг федерал ерида ўтган тадбирда.

Меркелнинг айтишича, айнан шунинг учун Сурия ва Ироқда барқарорликни таъминлаш ва қон тўкишларга чек қўйиш керак.

Меркель ҳар қайси қочқин ҳам Германияда қолмаслигини, кўпчилик қочқинлар яқинлари "бу ерга кела олмаганлари ва яқин орада кела олмасликлари" сабабли ўз оилалари билан ватанларига қайтишни истаётганларини айтди.

Канцлер Сурия бўйича Женевада ўтказилган музокараларни муҳим деб атади, чунки "улар одамлар ортларига қайта олишларига умид беради".

Аввалроқ Германия ҳукумати мамлакатга 2016 йилда 500 мингга яқин қочқин келишини кутаётгани маълум қилинганди.