Туркияда номаълум сармоячи Истанбул фонд биржасига қўрқув солмоқда. Бозорнинг баъзи иштирокчилари уни "балойи азим" (The dude) деб ҳам номлашга улгуришди. "Балойи азим" катта ставкалар қилмоқда, унинг инвестицион ҳаракатларини эса қолган иштирокчилар тушунтира олишмаяпти. Бу орада "балойи азим" бозорни нафақат ўзининг хатти-ҳаракатлари, балки битимлар ҳажми билан ҳам қўрқитмоқда. Бу битимлар гоҳида бозор бўйича ўртача кўрсаткичлардан бир неча бор кўпроқни ташкил қилмоқда, деб хабар бермоқда Bloomberg агентлиги.

"Балойи азим" савдоларда ярим йил аввал пайдо бўлган, у ўзининг биринчи кунидаёқ 450 млн долларлик битимлар амалга оширган, бу эса бир кунда бозорда амалга ошириладиган битимлар ўртача миқдоридан икки баробар кўпроқни ташкил қилади. Номаълум сармоячи ҳанузгача борган сари кўпроқ хатарли битимлар амалга оширмоқда ва бу билан қолган иштирокчиларни қўрқитмоқда, чунки улар унинг "яна қачон бозорга зарба беришини" билмаяптилар.

Бошқа сармоячилар сирли сармоячини аниқлай олмаяптилар. Мисол учун, Istanbul Portfolio компаниясидан бўлган Тургай Озанер "балойи азим"ни аниқлаш мақсадида ҳар куни савдолар натижалари ҳақидаги ҳисоботларни кузатмоқда, бироқ ҳозирда бунинг уддасидан чиқа олмаяпти.

"Ҳеч ким ҳеч нарсани билмаяпти. Ва бу биз одатда ҳамма нарсадан хабардор бўладиган Туркияда содир бўлмоқда", деб айтмоқда Озанер.

"Балойи азим" мантазам равишда брокерлик идорасини ўзгартирмоқда, бу эса уни қидиришни қийинлаштирмоқда. Ҳозирда у Yatirim Finansman орқали савдо қилаётгани маълум. Бунинг натижасида аввал 2 фоиздан кўпроқ савдо ўтказмаган кичик компания ҳозир бозор етакчиси UBS’дан ўзиб кетди.

"Унинг "чўнтаклари" қолган иштирокчиларникига нисбатан шунчалик каттаки, у бозорни ўзи истаганча бошқариши мумкин", деб аччиқланиб гапирмоқда Ak Portfoy раҳбари Керем Байкал.

Бозор иштирокчилари "балойи азим"нинг фаоллигини у савдо роботларини ишлатиши билан боғлашмоқда. Истанбул биржаси 2015 йилда одамлар ўрнига алгоритмларни ишлатишни афзал кўрадиган фирмаларни жалб қилиш мақсадида маълумотларни қайта ишловчи марказни ишга туширган.