БМТ Хавфсизлик Кенгаши 11 март куни халқаро ташкилотнинг тинчликни сақловчи кучлари ва хорижий аскарлар томонидан содир этиладиган зўравонлик ва хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатларга қарши кескин кураш олиб боришга қаратилган резолюция қабул қилди. Резолюцияда Бош котиб Пан Ги Муннинг қарори ўз аксини топган.

Маълумки, бош котиб мунтазам равишда зўравонликларни содир этиб келаётган харбийлар ва полиция ходимлари халқаро тинчликни сақловчи кучлари таркибидан чиқарилиши лозимлигини айтиб келарди. Хавфсизлик Кенгаши бош котибга мурожаат қилиб, бу қарор зудлик билан ҳаётга татбиқ этилиши сўралди. АҚШ томонидан тақдим этилган мазкур ҳужжатни Хавфсизлик Кенгашининг барча аъзолари қўллаб-қувватлади. Фақат резолюция матнига ўзгартиш киритиш лозимлигини сўраган Миср бетараф қолди. Эндиликда қайсидир давлатнинг халқаро тинчликни сақловчи кучлари таркибидаги харбий хизматчилар ёки полиция ходимлари томонидан содир этилган айбловларга нисбатан чора кўрилмайдиган бўлса, бош котиб ўша мамлакат харбий хизматчиларини бутунлай бошқа мамлакат ҳарбийлари билан алмаштиради.

Бироқ Миср жиноят содир этган бир киши учун бутун бошли жамоа жазога тортилиши керак эмас, деган таклиф билан чиқди. АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Саманта Пауэр баёнот бериб Мисрнинг таклифи бутун бошли резолюция мазмунини йўққа чиқаришини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳужжатнинг асосий мақсади аёлларнинг номусига теккан тинчликни сақловчи кучлари харбийларининг жазосиз қолдирмаслика қаратилган. “Агар Миср таклифи қабул қилинадиган бўлса у ҳолда қайсидир мамлакат Бош котибга мактуб йўллаш билан кифояланиб қолади. Аёлларнинг номусига теккан ҳарбий хизматчи эса жазоланмайди”, деди АҚШ вакили. Аммо Миср таклифини Россия, Венесуэла, Ангола ва Хитой қўллаб-қувватлади.

Таҳлилчиларнинг фикрича, 2015 йилда БМТ тинчликни сақловчи кучлари ҳарбийлари томонидан содир этилган номусга тегиш билан боғлиқ 69 та ариза қабул қилди. Энг кўп аризалар Марказий Африка Республикасидан келиб тушган. Бу мамлакатдан 22 та шикоят қабул қилингани айтилмоқда. Конго Демократик Республикасидан 16 та, Гаитидан 9 та шикоят тушган. Айни дамда 17 та ҳолат бўйича айбловлар ўрганиб чиқилди. Шундан 10 таси ўз исботини топмади. Қолган айбловларни ўрганиш давом этмоқда. Жумладан, француз ҳарбийлари устидан ҳам шикоят қилинган.

Ҳужжатда илк бор ҳарбий хизматчилар томонидан аёллар зўрланган мамлакатлар қайд этилади. Асосан, Конго Демократик Республикаси, Камерун, Марокаш, Конго Республикаси, Руанда, Танзания ва Жанубий Африка Республикаси ҳарбийлари ўзлари хизмат қилаётган мамлакатда аёлларнинг номусига тегиши билан боғлиқ ҳодиса қайд этилгани айтилмоқда. Пан Ги Мун қайд қилинган барча ҳодисалар юзасидан текширувлар олти ой давомида якунланиши кераклиги юзасидан кўрсатма берди. Бош котиб жиноят содир этган тинчликни сақловчи аскар ҳарбий-дала судига топширилиши ва ўша мамлакатдан чиқариб юборилиши кераклигини талаб қилмоқда. Шунингдек у бу каби хатти-ҳаракатларни содир этган аскарлар маошларининг маълум қисми ушлаб қолиниб, номуси булғанган аёлларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўтказилиши кераклигини айтмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, айни дамда мазкур жамғарма маблағлари 50 минг долларни ташкил қилмоқда.

Бугунги кунда БМТ тинчликни сақловчи кучлари таркибида хизмат қилмоқчи бўлган ҳарбийларнинг текшируви билан боғлиқ лойиҳа татбиқ этилмоқда. Бу дастурнинг самарали бўлиши кутилмоқда. БМТ бош котибининг ўринбосари Атул Кхарнинг айтишича, айрим ҳолларда мамлакатлар ўз ҳарбий хизматчиларини жазолашни истамайди. Яқинда БМТнинг Марказий Африка Республикасидаги тинчликни сақловчи кучлари томонидан содир этилган еттита ҳолат қайд қилинди. Шу ҳолатлардан бирида 13 ёшли қиз зўрланган бўлиб, унинг ҳомиладор экани айтилмоқда. “Мен қизларнинг номусига теккан аскарларни тинчликни сақловчилар деб аташга уяламан”, деди БМТ бош котибининг ўринбосари Атул Кхар.

Шу ўринда БМТ тинчликни сақловчи кучлари хақида қисқача маълумот бериб ўтамиз. БМТ кучлари у ёки бу давлатга мажоролардан чиқиб олишига кўмак бериши керак. Тинчликни сақловчи кучларининг фаолияти БМТ ташкил топган 1948 йилда бошланган. Ўшанда Хавфсизлик Кенгаши Яқин Шарққа тинчликни сақловчи кучларини юбориш борасида қарор қабул қилган эди. Бугунги кунда БМТ кучлари нафақат тинчликни сақлашга ҳисса қўшмоқда, балки сиёсий жараёнларга, сайловлар ўтказишга, инсон хуқуқларини муҳофаза қилишга, қонунлар ўрнатилишига кўмак бермоқда.

1948 йилдан шу кунга қадар БМТ тинчликни сақловчи кучлари томонидан 69 та амалиёт ўтказилди. Бугунги кунда тўрта қитьада тинчликни сақлаш йўлида БМТ томонидан 16 амалиёт ўтказилмоқда. Умумий ҳисобда БМТ тинчликни сақловчи кучлари таркибида 120 мамлакатнинг 125 минг 396 нафар ҳарбий хизматчиси бор. Шунингдек, амалиётларда 1 минг 846 нафар кўнгилли фаолият юритади.

1948 йилдан шу кунга қадар 3 минг 348 нафар БМТ тинчликни сақловчи кучлари сафида хизмат қилаётган хизматчи ҳалок бўлган. БМТнинг тинчликни сақлаш фаолияти қуролли мажоролар ниҳоясига етган мамлакатларга катта ёрдам берган.

Шарофиддин Тўлаганов