Халқимиз ўзи яшаётган масканни обод этишни инсоний бурчи, деб билади. Бўйрадек ери бўлса ҳам дарахтлар, гулу райҳонлар, жамбиллар экади. Онахонлар қизу келинларига “Остонанг доимо озода бўлсин”, деб насиҳат қилади. Мустақиллик йилларида бу каби қадимий анъана ва қадриятларимиз янгича маъно ва мазмун билан бойиди. “Яхшидан боғ қолади”, “Ободлик кўнгилдан бошланади”, деган ҳикматли сўзлар халқимиз орасида кенг тарқалиб, эзгу даъватга айланди. Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига атаб ҳар бир юртдошимиз 25 тупдан кўчат экишга аҳд қилган. Бундай эзгу ишлар тинчлик ва осойишталик ҳукм сураётган юртга ярашади.

12 март Хитойда Дарахт ўтқазиш (Arbor Day) куни сифатида нишлонланади. Бу кун тасодифан танлангани йўқ. Маълумки, 12 мартда хитойлик сиёсий ва жамоат арбоби Сунь Ятцен вафот этган. Айнан у Хитойда оммавий тарзда дарахт ўтқазиш ғоясини илгари суриб, шахсан ўзи намуна кўрсатган эди. Сиёсий арбобнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида бошланган бу ташаббус хамон давом этмоқда. Бу байрам 1981 йилда расмий мақом олди. Ўша йили Бешинчи Хитой Халқ Миллий конгресси «Дарахт ўтқазиш борасида умуммиллий кўнгилли кампаниясини ўтказиш» борасида Резолюция қабул қилди. Қабул қилинган ҳужжатда 11 ёшдан 60 ёшгача бўлган ҳар бир фуқорога бир йилда 3–5 та дарахт экиш тавсия қилинади. Агар у ёки бу сабабларга кўра дарахт эка олмаганлар бошқа ишларни, жумладан, гулларни парваришлаш, дарахтларни буташлари керак бўлади. Мазкур ташаббус мамлакат аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланди. Мухбирларнинг хабар қилишича, ҳар йили дарахт экиш кампаниясида 600 миллионга яқин аҳоли иштирок этади. Шу кунга қадар кўнгиллилар томонидан 55 миллиарддан ортиқ кўчат экилган.

Хукумат кўраётган чора-тадбирлар, ўз навбатида, «Буюк Яшил девор» деб номланмиш лойиҳага асос бўлди. Хитой Халқ Республикаси ҳудудларидаги саҳроларнинг кенгайиб боришининг олдини олиш мақсадида ҳукумат “Яшил Хитой девори” лойиҳасини ишлаб чиқиб, ҳаётга тадбиқ этмоқда. 1949 йилда Хитой худудларининг 8 фоизи ўрмон билан қопланган эди. Саноат ривожланиши оқибатида ёқилғига талаб кўпайди. Бу ўрмонларнинг кесилиши ҳисобига амалга оширилди. Ҳукумат шамол тезлигини камайтириш ва ерлардаги эрозияга қарши курашиш мақсадида 13 та вилоят ҳудудига ўтқазилган дарахт, бута ва ўсимликлардан иборат яшил белбоғ – яъни “Яшил девор” барпо этишга киришди. Бу лойиҳа 2072 йилга қадар мўлжалланган бўлиб, сал кам 350 минг квадрат километрни кўкаламзорлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, дарахтлар шамол ва қум бўронлари ҳаракатини тутишга хизмат қилса, уларнинг илдизлари ерларни эрозияга учрашига йўл қўймайди. Ҳукумат 2020 йилга бориб мамлакатдаги ўрмонлар ҳудуди қирқ миллион гектарга етиши учун ҳаракат қилмоқда. Яқин 10 йилда бунинг учун 26 миллиард туп дарахт ўтказиш режалаштирилмоқда.

Дарахт экиш куни нафақат Хитойда балки йўқ бўлиб кетаётган ўрмонларни тиклаш, асраб қолиш, атрофни кўкаламзорлаштириш мақсадида бошқа мамлакатларда ҳам ўтказилади. Масалан, АҚШнинг Небраска шаҳрида 1872 йилдан бери ўша вақтдаги Қишлоқ хўжалик вазири Стерлинг Мортон (Julius Sterling Morton, 1832–1902) таклифи билан Дарахт экиш куни нишонланади.

Жазоирда ҳам дарахт экиш куни мавжуд бўлиб, бу мамлакатда ҳар йили 27 октябрда ўтказилади. Италия, Бельгия, Португалия ва Лесото давлатларида 21 мартда Дарахт экиш куни нишонланади.
Бразилияда эса 21 сентябрда «Дарахт экиш куни» (Dia da Árvore) ўтказилади. Германияда бу каби байрам (Tag des Baumes) 25 апрелга тўғри келади. Мисрда эса аньанага кўра 15 январда оммавий дарахт экиш тадбирлари бўлиб ўтади.

Камбожада 1 июнда, Кенияда 21 апрелда, Коста-Рикада 15 июнда, Македонияда 12 мартда, Малавида декабрь ойининг иккинчи душанбасида, Мексикада июль ойининг иккинчи пайшанбасида, Намибияда 8 октябрда, Нигерда 3 августда, Польшада 10 октябрда, Марказий Африка Республикасида 22 июлда, Филиппинда 25 июнда, Шри-Ланкада 15 октябрда, Танзанияда 1 январда, Угандада 24 март куни Дарахт экиш умумхалқ байрамлари ўтказилади. Шунингдек, Жанубий Кореяда 5 апрел куни, Японияда 4 майда «Кўкаламзорлаштириш куни» доирасида оммавий тарзда дарахтлар экилади.
Дарахт экишдек, халқимизга хос, хайрли ишларда пок ниятлар, эзгу орзу-мақсадлар ўз ифодасини топади.

Шарофиддин Тўлаганов