«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ бош мураббийи, афсонавий сэр Алекс Фергюсон жорий мавсумда АПЛда кечаётган чемпионлик пойгаси ҳақидаги фикрларини билдирди. Унинг ишонч билан таъкидлашича, Клаудио Раньери бош мураббийлигидаги «Лестер Сити» пешқадамликда давом этади ва муддатидан олдин чемпионликка эришади. У «тулкилар» жамоаси бош мураббийи ҳақида илиқ фикрлар билдирган.

«Бу сафар Англия чемпионлиги чемпионат якунланишига 3 тур қолганида аниқ бўлади. Ишонч билан айтаманки, бу йилги чемпион „Лестер“. Бунга албатта уларнинг кучи етади. Раньери жорий мавсумда АПЛда ўз сўзини айта олди», — дея Фергюсондан иқтибос келтиради Sunday Times нашри.

Айни вақтда, мавсум якунига 9 тур қолган паллада «Лестер» жамоаси 60 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Жамоа ўзининг энг яқин таъқибчиси «Тоттенҳэм»ни 5 очко, учинчи ўриндаги «Арсенал»ни эса 8 очкога ортда қолдирмоқда.