Ироқ ҳарбийлари мамлакат шимолидаги Киркук вилояти ҳудудида 27 нафар жангарини йўқ қилди. Бироз олдинроқ ИШИД жангарилари бу ҳудудда тинч аҳоли вакилларига нисбатан кимёвий қурол қўллаганди.

Маълум қилинишича, ҳафта давомида ИШИД жангарилари Киркукдан шимолроқдаги Таза шаҳрига 2 марта ракета йўллаган. Маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, бу ҳужумлар туфайли юзлаб кишилар кимёвий газдан заҳарланган ва 1 гўдак ҳалок бўлган. Кимёвий ракета зарбаларидан кейин ҳудуд аҳолиси бўғилиш ҳамда терининг куйишидан зарарланишган. 8 киши Бағдоддаги шифохонага келтирилган. Жангарилар айнан қайси номдаги кимёвий қурол қўллашгани аниқланмаган.

Ироқ Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 13 март куни жангарилар ўз ракеталарини учирган Ал-Башир қишлоғига артиллерия зарбалари берилган. Шунингдек, АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция самолётлари ҳам бу қишлоқни бомбалаган. Натижада бу ҳужумлар 31 нафар жангарининг йўқ қилиниши билан якунланган.