Америкаликларнинг «Нимиц» русумидаги «Жон Стеннис» (USS John C. Stennis) номли атом авианосеци (самолётлар учиши ва қўниши учун мўлжалланган ҳарбий кема) қўшма ҳарбий-ўқув машғулотларида иштирок этиш учун Корея Республикаси қирғоқларига етиб келди. Бу ҳақда Ёнҳап ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Кема мамлакатдаги энг йирик порт шаҳри ҳисобланадиган, пойтахт Сеулдан 450 км масофадаги Пусанга тўхтаган. У билан Кореяга USS Stockdale, USS Chung-Hoon ва USS William P. Lawrence миноносецлари (торпедолар билан қуролланган ҳарбий кема) эскадрилияси ҳамда Mobile Bay крейсери етиб келган.

Авианосец экипажи жанубий кореялик ҳамкасблари билан мулоқот қилиб, маҳаллий аҳоли маданиятини ҳам ўрганиши режалаштирилган.

Бундан олдинроқ, АҚШ ва Корея Республикаси ҳамкорликда Key Resolve номи остида қўшма ҳарбий машғулот ўтказиши туфайли КХДР америкаликларга ядровий ҳужум билан таҳдид солганди.

Кейинроқ, АҚШ КХДРни даф қилиш мақсадида Жанубий Кореяга зарбали атом сувости кемасини йўналтириши ҳақида хабар берилганди.