Малайзияда икки қайиқнинг тўқнашиб кетиши натижасида 6 киши ҳалок бўлиб, 8 киши шифохонага ётқизилган. New Straits Times нашрининг маълум қилишича, воқеа тунда Кота-Кинабулу шаҳридан унча узоқ бўлмаган ҳудудда содир бўлган.

Нашр маълумотига кўра, биринчи қайиқда 30 нафар киши бўлиб, улар тўй маросимини нишонлашаётган бўлган. Иккинчи қайиқда эса маҳаллий фабрикалардан бирининг 24 нафар ишчиси бўлган. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг хабар беришича, ҳалокатга сабаб кўриш ҳолатининг ёмонлигида бўлган. Бундан ташқари, иккала қайиқда ҳам қутқарув нимчалари бўлмаган.

Турли даражада тан жароҳати олганлар сони 20 нафарни ташкил этган, улардан фақат 8 нафаригина шифохонага ётқизилган. Улардан икки нафарининг аҳволи оғир дейилмоқда.