АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳри жойлашган Колумбия округида дастлабки президентлик сайловида Флорида штатидан бўлган сенатор Марко Рубио ғалаба қозонди.

CBS News хабарига кўра, 12 март куни ўтказилган дастлабки сайловда Рубиони 37 фоиз, Огайо штати губернатори Жон Кейсикни эса 36 фоиз киши қўллаб-қувватлаган.

Республикачилар орасида президентликка даъвогарлик қилаётган бошқа номзодлар миллиардер Доналд Трамп ва техаслик сенатор Тед Крузнинг натижаси 14 ва 12 фоиз бўлган.

Шу куни Вайоминг штатидаги Республикачилар партияси фаоллари йиғилишларида (кокус) Тед Круз ғалаба қилди. Бюллетенлар бўйича якуний натижаларга кўра, Круз 66,3 фоиз овоз тўплаган. Иккинчи ўринни 19,5 фоиз овоз тўплаган Флорида штати сенатори Марко Рубио, ҳамда учинчи ўринни 7,2 фоиз овоз тўплаган миллиардер Дональд Трамп эгаллади. Тўртинчи ўриндан жой олган Огайо губернатори Жон Кейсик бирорта ҳам овоз олмаган.

Рубио бундан олдин фақат Миннесотада ғолиб чиққанди.

Айни вақтда Трамп ва Рубио республикачилар орасида президентликка асосий номзодлардан бири сифатида қаралмоқда. Трамп учун 460 делегат, Круз учун 369 делегат овоз берган. Партиядан нозод сифатида кўрсатилиш учун 2472 делегатдан 1237 нафарининг овози зарур бўлади. Номзодни кўрсатиш ҳақидаги қарор партиянинг 18-21 июль кунларида Кливленд (Огайо штати) ўтадиган миллий съездида қабул қилинади.

Колумбия округи Вашингтон атрофини ўз ичига олиб федерал марказ ҳисобланади. У бирор штат таркибига кирмай федерал бошқарув тизимдан ташқарида ҳисобланади. Бу ҳудуд Қўшма Штатлардаги энг кам аҳолига (тахминан 600 минг киши) эга ҳудуд ҳисобланади.

Июль ойида Демократлар партияси ҳам миллий съезд ўтказади ва якуний босқич учун номзод кўрсатилади. АҚШ президентлиги учун сайлов 8 ноябрь кунига белгиланган.