АҚШ президенти лавозимига номзодларнинг сайловолди дебатлари "адоватга тўла" ва "мактаб ҳовлисидаги муштлашувга" ўхшайди, деб айтди АҚШ президенти Барак Обама Далласдаги 12 мартда айтган нутқида. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Обама ўз рақибларига "Американи атайлаб заифлаштирмоқчи бўлган хоинлар" сифатида қарамайдиган номзодларни қўллаб-қувватлашга чорлади. Американинг келажаги ишониб топшириладиган сиёсатчилар америкаликларни бир-бирига пешонама-пешона тўқнаштирмасдан, уларни бирлаштириши керак, деб ҳисобламоқда Обама.

"Бизнинг фарзандларга нима учун бизнинг сиёсат мактаб ҳовлисидаги муштлашувга ўхшашини тушунтириб бўлмайди. Ва биз фарзандларимизни митингларга олиб боришга ва уларга дебатларни кўришга имкон беришдан қўрқишимиз нотўғридир", деб қўшимча қилди Обама. Обама ўз нутқида аниқ номларни келтирмади, бироқ республикачи номзодларни танқид қилди. Обаманинг ўзи эса Демократик партия аъзоси ҳисобланади.

Обама номзодлар томонидан билдирилган танқидларга жавоб берди. Обаманинг таъкидлашича, президентлик пойгасининг баъзи етакчиларининг унга нисбатан айтаётган сўзлари "ғирт ёлғон", чунки АҚШ унинг президентлиги давомида кўпроқ нарсага эришди ва ҳали ҳам "дунёдаги энг кучли давлат" бўлиб қолмоқда.

2016 йил июлда демократлар ва республикачилар миллий конвентлар ўтказишади, унда АҚШ президентига партиялардан расмий номзодлар сайланади. АҚШ президенти лавозимига сайловлар 8 ноябрда бўлиб ўтади.