Тошкент шаҳар ҳокимлиги Тараққиёт кўчасидан (Тошкент тиббиёт академияси) бошланиб, Тошкент механика заводи орқали Оҳангарон йўлига қадар давом этувчи трамвай йўли қурилишидан воз кечди.

1 август куни 13-трамвайнинг «Тошкент» вокзалидан ТТЗга қадар давом этувчи қисми ёпилганидан сўнг, «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси шаҳар чеккасидаги «Роҳат» бекатига қадар давом этадиган, ҳозирда фойдаланилмаётган 5 километрлик йўл билан боғланувчи янги 3 километрлик трамвай йўли қурилиши режаларини эълон қилганди.

Газета.uz нашри хабарига кўра, 11 март куни 13-трамвай йўналиши қисқартирилганидан сўнг Тараққиёт кўчасида ажралиб қолган трамвай йўли бўлагидаги рельсларни олиб ташлаш ишлари бошланган.

Трамвай йўли қурилиши борасидаги режаларнинг ўзгариши бўйича расмий ахборот берилмаган. Демонтажда иштирок этаётган қурувчиларнинг сўзларига қараганда, бу ерда гап рельсларни янгилаш эмас, балки айнан олиб ташлаш ҳақида бормоқда. Маълумотларга кўра, Оҳангарон йўлига қадар автойўл қуриш режаси ўз кучида қолган, шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси атрофида трамвай ҳалқаси қурилади.