Афғонистон шарқидаги Нангарҳор вилояти ҳудудида қўлбола бомба муддатидан олдин портлаб кетиши туфайли ИШИДнинг 12 нафар жангариси ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазирлиги маълумотига асосланган ҳолда Khaama ахборот агентлиги хабар берган.

Манбанинг маълумотига кўра, бу портлаш туфайли 21 киши жароҳатланган. Жангарилар бу қўлбола бомбани Маздак туманидан Ачин туманидаги Шедил бозорига олиб кетишаётганида бахтсизликка учрашган.

Айни вақтда бу портлаш туфайли тинч аҳоли вакиллари жабрлангани ҳақидаги маълумот текширилмоқда.

Бундан олдинроқ, Ачинда 15 нафар жангари Афғонистон ҳарбийлари томонидан йўқ қилингани ҳақида маълум қилинганди.