Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Мехмет Муаззинўғли 13 март куни Анқарада содир этилган теракт қурбонлари сони яна 3 нафарга ортгани ва 37 нафарни ташкил қилаётгани ҳақида маълум қилган.

Hürriyet Daily News нашрида ёзилишича, қурбонлар сони террорчи-ҳудкушлар билан бирга ҳисобланган.

Вазирнинг айтишича, 30 киши теракт содир бўлган ҳудудда ҳалок бўлган, яна 3 киши 14 март куни шифохонада жон берган. Айни вақтда шифохонадаги 71 кишининг 19 нафари оғир аҳволда қолмоқда.

Портлаш 13 март куни маҳаллий вақт билан соат 18:43да, Анқаранинг Қизилой туманидаги автобус бекатларининг бирида, мамлакат бош вазирига қарашли офис яқинида, одамлар энг гавжум вақтда содир этилган. Миналаштирилган автомобиль одамлар минган икки автобус ўртасида портлатилган.