Анқарадаги теракт тафсилотлари

Жаҳон 14 Март 2016 519

13 мартда Туркия пойтахти Анқара марказида кучли портлаш содир этилди. Охирги маълумотларга кўра, теракт туфайли 34 киши ҳалок бўлган, 125 киши жароҳат олган.

Портлаш маҳаллий вақт билан соат 18:43да Анқаранинг бош кўчаси – Отатурк номидаги хиёбонда, Қизилой майдони ва Гювен боғи ёнида содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, террорчи-ҳудкуш миналаштирилган автомобилни автобус бекати яқинида ичида 20га яқин йўловчи бўлган автобус ёнида портлатган. Портлашдан кейин ён атрофдаги бир нечта автомобиль ёниб кетган. Портлаш тўлқини зарбаси оқибатида хиёбон ва майдондаги дўконлар деразаси синиб кетган. Воқеа жойида бир нечта ҳукумат бинолари, жумладан, адлия вазирлиги, ички ишлар вазирлиги ва Олий суд бинолари жойлашган.

Портлашдан кейин мамлакатда Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқларига кириш тўсилган.

Туркия соғлиқни сақлаш вазири Меҳмет Муязинўғлунинг маълум қилишича, теракт оқибатида воқеа жойида 30 киши, яна 4 киши шифохонага олиб кетилаётганда йўлда ҳалок бўлган. Шунингдек, 125 киши жароҳатланган, улардан 19 нафарининг аҳволи жуда оғир. Терактни бир ёки икки нафар террорчи-ҳудкуш амалга оширган бўлиши тахмин қилинмоқда.

Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғлу терактдан кейин дарҳол фавқулодда йиғилиш чақиртирган. Теракт ортида ким тургани ҳақида расмий маълумот йўқ. Туркия ички ишлар вазири Эфкан Ала 14 мартда тергов якунига етказилиб, ҳужум ташкилотчилари номи айтилиши мумкинлигини айтган.

Бу теракт охирги 5 ой ичида Анқарада содир этилган 3-йирик теракт бўлди. Ўтган йилнинг октябрида темир йўл вокзали олдидаги намойишда содир этилган теракт оқибатида 102 киши ҳалок бўлганди, 200 нафарга яқин киши жароҳатланганди.

Жорий йилнинг февралида ҳарбий муассасалар жойлашган ҳудудда террорчи-худкуш миналаштирилган автомобилни портлатган. Бу теракт оқибатида 30 киши ҳалок бўлган, 60 киши яраланганди.

Россия, АҚШ, Франция, Буюк Британия ҳукуматлари, БМТ, Европа Иттифоқи ва НАТО раҳбариятлари ушбу теракт муносабати билан Туркия ҳукумати ва жабрдийдаларга ҳамдардлик билдиришди.

Кўпроқ янгиликлар