Истанбулнинг "Галатасарой" жамоаси футболчиси, Туркия терма жамоасига номзод бўлган Умут Булутнинг отаси Анқара теракти қурбонларидан бири бўлган. Бу ҳақда CNN-Turk хабар берди.

Портлаш 13 март куни маҳаллий вақт билан соат 18:43да, Анқаранинг Қизилой туманидаги автобус бекатларининг бирида, мамлакат бош вазирига қарашли офис яқинида, одамлар энг гавжум вақтда содир этилган. Миналаштирилган автомобиль одамлар минган икки автобус ўртасида портлатилган.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирга қадар 37 киши ҳаётдан кўз юмган, 125 киши жароҳат олган, 71 киши касалхоналарда қолмоқда.

Айни вақтда 32 ёшда бўлган Булут "Галатасарой" жамоасида 2012 йилдан буён ўйнаб келмоқда. У жамоа билан 2 марта Туркия чемпиони бўлган ва 3 марта мамлакат кубогини қўлга киритган. У миллий терма жамоа учун 36 ўйинда майдонга тушган.