14 март куни Москва вақт билан соат 12дан 31 дақиқа ўтганида Қозоғистондаги Бойқўнғир космодромидан «Протон-М» ташувчи ракетаси ExoMars-2016 Россия-Европа миссиясининг икки аппарати билан старт олди.

ExoMars Марсни тадқиқ этиш лойиҳаси бўлиб, «Роскосмос» ва Европа космик агентлиги (ESA) ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида икки парвоз амалга оширилиши белгиланганди. ExoMars миссияси доирасида «Протон-М» Schiaparelli аппарати ва Trace Gas Orbiter орбитал модулини фазога олиб чиқиши керак. ExoMars-2016 икки блокдан иборат: орбитал ва қўниш қисмлари.

Ердан Марсгача етиб бориш учун 7 ой вақт кетади. Бу вақт ичида орбитал ва қўниш қисмлари бирга бўлади. Кейин эса, шу йилнинг 16 октябрида, Марс қобиғига киришдан 3 кун олдин орбитал аппарат ажралади ва алоҳида учиш давом этади.