Ироқда 11 мартда ИШИД кимёвий қурол ишлатгандан кейин шифохонага ётқазилган кишилар сони 800 кишига етди. Бу ҳақда ИШИД жангарилари томонидан иприт (хантал гази) билан тўлдирилган артиллерия снарядлари билан ўққа тутилган Ироқ Курдистонидаги Таза шаҳри мэри Ҳусайн Одил Аббос маълум қилди.

“Дахук ва Киркук шаҳарлари шифохоналарига ётқазилган ва текширувдан ўтказилаётган кишилар сони 800 кишига етди”, деб айтди Аббос.

Таза шаҳри Киркукдан жануб томондаги ҳудудда жойлашган бўлиб, у курд қуролланган тузилмалари томонидан ИШИДдан тортиб олинганди, бироқ террорчилар бир неча аҳоли пунктлари, мисол учун, Таза яқинидаги Башир шаҳри устидан назоратни сақлаб қолган. Террорчилар айнан шу шаҳардан 11 мартда отишма олиб борган. Аввалроқ шу ерда хлор ҳам қўлланган.

“Текширилганлар орасида 61 нафар даволашга муҳтож бемор аниқланган, аҳволи хавотир уйғотаётган 7 киши Бағдодга жўнатилган”, деб таъкидлаб ўтди Аббос.

11 мартда 3 ёшли қизча Таза шаҳри ўққа тутилгандан кейин иприт таъсирида келиб чиққан асоратлардан ҳалок бўлган.

Февралда АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Жон Бреннан ИШИД Ироқ ва Сурияда бир неча бор кимёвий қурол қўллагани ва кам миқдорда иприт тайёрлай олишини маълум қилганди.