Россиянинг гиёҳванд моддаларни назорат қилиш федерал хизматининг Москва бўйича бошқармаси ходимлари Троицкийдаги коттеж посёлкаси ва Москванинг Новомосковский маъмурий округи ҳудудида “закладка” (бирор жойга гиёҳванд моддани беркитиб қўйиш ва у ҳақда пул олгандан кейин харидорга хабар бериш) усулида гиёҳванд моддалар сотган уч нафар ўзбекистонликни қўлга олди. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати маълум қилди.

Қўлга олинганларнинг яшаш жойи бўйича тинтув ўтказилганда, 1,5 кг героин, электрон тарози ва қадоқлаш материали топилган. Гиёҳванд модданинг бир қисми 200 дан кўпроқ боғлмларга қадоқлаб чиқилган бўлган. Шу вақтнинг ўзида тезкор ходимлар Москва автомобиль ҳалқа йўлида учинчи гумонланувчини ушлашган, унинг автомобилидан 500 грамм героин топилган. Аниқланишича, қўлга олинган кимса уни ўз юртдошларидан қимматроққа сотиш учун харид қилган. Қўлга олинганлардан икки нафари кўча супурувчилар бўлиб ишлаган.

“Гумонланувчилар ўз айбларини тўлиқ тан олдилар ва қилган ишларидан афсус билдиришди. Айни вақтда уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва улар ҳибсга олинган”, дейилмоқда хабарда.

Тергов давомида қўлга олинганлар героин сотиш билан бир йил аввал шуғуллана бошлашгани, уларнинг ўзлари гиёҳванд модда истеъмол қилмасликлари аниқланган. Улар гиёҳванд моддалар сотишдан тушган пуллардан ватанларида қолган оилаларига юбориб туришган.