ОАВ: Анқара теракти ижрочиларидан бирининг оила аъзолари ҳибсга олинди

Жаҳон 14 Март 2016 349

Анқарада теракт содир этган террорчи-ҳудкушлардан бири, талаба қиз Саҳар Чоғла Демирнинг оила аъзолари Туркия ҳукумати томонидан ҳисбга олинди. Бу ҳақда NTV телеканалига асосланган ҳолда РИА Новости хабар берди.

Бундан олдинроқ, Туркия ҳукумати воқеа жойидаги жасадлардан бирининг бармоқ изларига асосланган ҳолда теракт ижрочиларидан бирининг шахсини аниқлаганди. Унга кўра, автобус олдида портлатилган машинада бўлганлардан бири 23 ёшли талаба Саҳар Чоғла Демир Курдистон ишчилар партияси аъзоси экани маълум қилинган. У террорчилик тарғиботи билан шуғуллангани туфайли бир неча бор судга тортилган, аммо суд қизга қарор чиқаришга улгурмаган.

Портлаш 13 март куни маҳаллий вақт билан соат 18:43да, Анқаранинг Қизилой туманидаги автобус бекатларининг бирида, мамлакат бош вазирига қарашли офис яқинида, одамлар энг гавжум вақтда содир этилган. Миналаштирилган автомобиль одамлар минган икки автобус ўртасида портлатилган.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирга қадар 37 киши ҳаётдан кўз юмган, 125 киши жароҳат олган, 71 киши касалхоналарда қолмоқда.

Анқара теракти ижрочиларидан бири КИП аъзоси бўлгани аниқланди

Кўпроқ янгиликлар