“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасининг собиқ раҳбари Баҳодир Абдураҳимов 14 март куни 68 ёшида Наманган вилоятида оламдан ўтди. Бу ҳақда хонанда Наргиз Instagram’даги шахсий саҳифаси орқали хабар берди, деб маълум қилмоқда “Қалампир” сайти.

“Бу инсон ҳақида қанча гапирсак ва таърифласак сўз камлик қилади. Узоқ йиллар “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига раҳбарлик қилганлар ва Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари лавозимида ишлаганлар. Бир сўз билан айтсам, “КУЧЛИ” инсон Баҳодир Абжураҳимов энди орамизда йўқ. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз”, – деб ёзади хонанда Наргиз.

“Баҳодир Абдураҳимов 1948 йилнинг 23 сентябрида Наманган вилоятининг Чуст туманида таваллуд топган. 1972 йилда Фарғона давлат политехника институтини тугатган. 1972-1992 йилларда Наманган вилоят қурилиш уюшмаси бошлиғи, Қурилиш трести бошлиғи, Наманган вилоят Чуст шаҳар ижроия қўмитаси раиси, “Ўзколхозқурилиш” трести бош муҳандиси, 1992-2001 йилларда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири ўринбосари, 2001-2008 йилларда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори, кейинчалик Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети “Халқаро маданий алоқалар ва санъатшунослик” кафедраси мудири лавозимларида фаолият юритган”, дейилади берилган маълумотда.