БМТ бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик БМТ Суриянинг қамалда қолган шаҳарларига хавфсизлик нуқтаи назаридан гуманитар ёрдамни етказишни тўхтатишга мажбур бўлаётганини маълум қилди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар берди.

“Афсуски, Мадоий, Забадоний, Фуа ва Кафроий учун мўлжалланган гуманитар карвонларни хавфсизлик нуқтаи назаридан тўхтатишга мажбур бўлинди. Ёрдамни етказиб бериш бўйича режалар хавфсизлик борасидаги вазият бунга имкон бериши билан қайта кўриб чиқилади”, деб айтди Дюжаррик.

Дюжаррикнинг айтишича, йил бошидан бери 238 минг суриялик озиқ-овқат ва тиббий ёрдам олган. Бироқ, БМТ мутахассисларининг баҳолашича, етиб бориш қийин бўлган жойларда ёрдамга муҳтож 4,6 млндан кўпроқ одам яшайди.

Аввалроқ Россия Сурия аҳолисига 620 тонна гуманитар ёрдам ва дори-дармон етказиб бергани маълум қилинганди.