Шимолий Корея ракетани атмосферанинг зич қатламларига қайтариш технологиясини эгаллаб олди. Корея марказий телеграф агентлигининг маълум қилишича, бу ҳақда мамлакат етакчиси Ким Чен Ин маълум қилган. У жанговар каллак учининг термобарқарорлигини ва қопламанинг иссиқбардош материалининг эрозияга учрашини баҳолаш бўйича синов ўтказишни буюрди.

“Биз маҳаллий технологиялар ёрдамида ракетани атмосферанинг зич қатламларига қайтариш технологиясини ишлаб чиқдик. Бу технологияга бир неча ҳарбий давлатгина эга. Шу тариқа биз баллистик ракеталарни ишлаб чиқариш технологиясида улкан тараққиётга эришдик”, деб айтди Ким Чен Ин. Шимолий Корея етакчиси яқин орада ядровий жанговар каллак ва бир неча турдаги баллистик ракеталарни синовдан ўтказишга буйруқ берди. Унинг айтишича, “Шимолий Кореяда яратилган зарба берувчи воситалар мамлакатнинг қудрати ва шон-шарафини намойиш қилади”.

Ким Чен Ин “май ойи бошида бўлиб ўтадиган Корея меҳнат партиясининг 7-қурултойи олдидан ракеталар ишлаб чиқариш ва ядровий технологияларни модернизациялашда катта ютуқларга эришган” мудофаа саноати ходимларини олқишлади.