Обама Путин билан телефон мулоқоти орқали Сурия масаласи хусусида гаплашди

Жаҳон 15 Март 2016 383

АҚШ президенти Барак Обама Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали боғланиб, Суриядаги вазият ҳақида гаплашди. Бу ҳақда Кремл сайтида хабар қилинган.

"Давлат раҳбарлари Россия ва АҚШнинг бу ўлкада ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилиши бўйича келишуви натижалари бўйича фикрлар алмашишди", дейилади хабарда.

Путин Обамани Россия Ҳарбий-ҳаво кучлари Сурияда халқаро терроризмга қарши курашдаги вазифасини адо этгани ҳамда энди бу мамлакатдан авиагуруҳнинг асосий қисми олиб чиқиб кетилишидан хабардор қилган.

Томонлар БМТ Хавфсизлик кенгашининг Сурия заминида қон тўкилишини камайтиришни назарда тутадиган 2268 рақамли резолюциясини қўллаб-қувватлаши билдирилган.

Шунингдек, АҚШ ва Россия террорчиликка қарши курашдаги ҳаракатларини мувофиқлаштирган ҳолда олиб бориши самарали бўлиши таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин Мудофаа вазири Сергей Шойгуга 15 мартдан бошлаб Суридан ҳарбий қўшинларининг асосий қисмини олиб чиқиш ҳақида буйруқ берди.

Россия Суриядаги ҳарбий операцияларда 2015 йилнинг 30 сентябридан бери иштирок этиб келмоқда. Рус самолётлари Сурия ҳукумат қўшинлари кўрсатган марраларни бомбардимон қилди. Бундан ташқари, Россия сувости кемалари ва кемалардан зарбалар берди.

Шойгу ўтказилган операциялар давомида россиялик ҳарбийлар 2000 нафарга яқин террорчини йўқ қилганини маълум қилган. Syrian Observatory for Human Rights кузатувчиларининг маълумотига кўра, Россиянинг бомбардимонлари натижасида 1700 нафар тинч аҳоли вакили нобуд бўлган.

Кўпроқ янгиликлар