Қозоғистонлик интернет фойдаланувчилар Остонадаги савдо мажмуаларидан биридаги картошка нархини фаол муҳокама қилмоқдалар. Аниқланишича, мажмуада сотилаётган картошка нархи 5760 тангани (жорий курс билан деярли 16 доллар) ташкил қилган.

Бу ҳақда Facebook’да Еркебулан Кенжебулатов исмли фойдаланувчи бу картошканинг фотосуратини чоп этгандан кейин маълум бўлди. Фойдаланувчилар бу суратга турли фикр билдирдилар.

“Агар картошка Қозоғистонда ишлаб чиқарилганда бир неча килограмм сотиб олган бўлардим. Ўзимга Наврўзга совға қилган бўлардим”, деб айтди Сабина Серикова исмли фойдаланувчи.

“Агар маҳсулот бундай нархда сотилаётган бўлса, унда унга харидор ҳам бор эканда. Бозор қонунлари”, деб айтди яна бир фойдаланувчи Гулдон Уристемова.

“Маҳсулот сотувчилар бундай нархларда маҳсулот сотиб олиб, уни сотувга қўяётганларида нимани ўйлайдилар, ҳайронман”, деб айтди яна бир фойдаланувчи.

Бу орада картошкани сотувга қўйган “Жетi аспан” компанияси ходимлари фейсбукдаги суратга ўз изоҳларини беришди ва картошка нега бунчалик қимматлигини тушунтириб беришди.

“Картошканинг бу тури трюфель бўлиб, у кам ҳосил берувчи ҳамда кучли таъмга эга ноёб экзотик сабзавот ҳисобланади. Бу картошка тури асосан салатлар тайёрлаш учун мўлжалланган. Бу маҳсулотга ҳам HoReCa (ресторан, меҳмонхоналар, кафелар) вакиллари, ҳам гурманлар томонидан талаб бор. Унинг нархи озиқавий қиймати ва транспортировка қилинишига мосдир”, деб айтди компаниянинг харидлар бўлими менежери Каламкас Жанбосынова.

Жанбосынова “сотувда кундалик ишлатиш учун маҳаллий, аъло сифатли ва ҳамёнбоп нархдаги – 1 килограмми 75 тангадан турадиган картошка ҳам борлигини” айтди.

Унинг айтишича, трюфель картошкасини асосан ресторанлар сотиб олади. Савдо мажмуаси Францияда етиштирилган бундай картошкадан ҳафтасига 16 кг гача сотиши маълум қилинди.