Ўзбекистон давлат консерваториясида Узер Гажибеков номида Ўзбекистон-Озарбайжон Маданият хонаси очилди. Лойиҳага Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси қошидаги Ҳайдар Алиев номли Озарбайжон Маданият маркази томонидан асос солинди. Унга кўра, консерватория қошидаги «Сўғдиёна» Халқ чолғу асбоблари Камер оркестри зали замонавий дизайн асосида безатилди. Хонага марказ томонидан Озарбайжонда нашр қилинган мусиқий ноталар, дисклар, Озарбайжон халқ мусиқа асбоблари тақдим қилинди.

Узер Гажибеков номида Ўзбекистон-Озарбайжон Маданият хонасининг расмий очилиш маросимида Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, профессор Бахтиёр Яқубов нутқ сўзлаб, лойиҳа икки мамлакат халқлари ўртасидаги маданий алоқаларнинг ривожланишига, Озарбайжон композиторларининг асарлари билан яқиндан танишиш имкониятига омил бўлишини таъкидлади. У келажакда консерватория ўқитувчи ва талабалари Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази билан ҳамкорлик қилишда давом эттаверишини қайд қилди.

Ўз навбатида, Маданий марказ директори Самир Аббосов Ўзбекистон давлат консерваториясида мазкур Хонанинг очилиши катта воқеа эканини, шу орқали қардош ўзбек халқи Озарбайжон мусиқасидан баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлишини ва Ўзбекистон сахналарида кўпроқ Озарбайжон бастакорларининг асарлари қўйилишига хизмат қилишини таъкидлади.

«Ўзбекистон-Озарбайжон» дўстлик жамияти раиси Эркин Нуриддинов Озарбайжоннинг бой маданияти ҳақида гапириб, Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти ва мусиқасига катта қизиқиш мавжудлигини қайд қилиб ўтди.

Шундан сўнг консерватория қошидаги «Сўғдиёна» Халқ чолғу асбоблари Камер оркестри ижросида Узеир Гажибеков асарларидан намуналар ижро этилди. Оркестр солисти Санжар Қодиров «Ай Лочин» деб номланган озарча халқ қўшиғини куйлади.

Эслатиб ўтамиз, Узер Гажибековнинг «Аршин Мал Алан» бадиий фильмидаги қўшиқларини ўзбекистонликлар мароқ билан тинглашади.

Шарофиддин Тўлаганов