Бугун - 15 март куни Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни муносабати билан Республика Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш борасида Қўмита амалга ошираётган ишлар" мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ушбу анжуманда Қўмитанинг мутасадди раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Бир неча йиллардан буён Рақобат Қўмитаси томонидан аҳолининг истеъмолчилик маданиятини ошириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида соҳадаги янгилик ва ўзгаришлар хусусида семинар, брифинг ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.

Реклама фаолиятини назорат этиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Дилшод Азимов Ўзбекистонда истеъмолчилик маданияти ривожланаётганини билдирди.

Бунинг далолати сифатида ўтган йили Қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмаларига келиб тушган 4 минг 700 дан зиёд мурожаатларни мисол қилди. Бу мурожаатлар ўрганиб чиқилиб, 1 миллиард 200 миллион сўмлик маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.