Пентагондагилар ИШИД етакчиларидан бири, америкалик ҳарбийлар томонидан "ИШИДнинг ҳарбий вазири" дея нисбат бериладиган Умар аш-Шишанийнинг АҚШ самолётлари томонидан берилган ҳаво ҳужумлари натижасида олинган жароҳатларидан тузалмасдан вафот этгани ҳақидаги хабарни тасдиқлашди. Бу ҳақда "Би-би-си" хабар қилган.

Америкаликларнинг Мудофаа вазирлигидаги расмийлардан бирининг маълум қилишича, у ҳалок бўлган.

Унинг йўқ қилиниши "ИШИДнинг, айниқса, Чеченистон ва Кавказ минтақасидан хорижий жангариларни ёллаш қобилиятига салбий таъсир ўтказиши  ҳамда ИШИДнинг Суриядаги Раққа ва Ироқдаги Мўсул каби таянч нуқталарини ҳимоя қилиш ва ҳужумларни мувофиқлаштириш лаёқатини сустлаштириши мумкин"лиги айтилмоқда.

Асл исми Тархон Таимуразович Ботирашвили, лақаби Умар Чечен бўлган бу грузин жангариси Сурия шимоли-шарқида авиаҳужумга учраганди.

Жароҳатлар олгач, аш-Шишаний Суриянинг Раққа шаҳри яқинидаги касалхонага ётқизилган, у ерда уни «профессионал чет эллик шифокорлар» даволашга ҳаракат қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пентагон матбуот котиби Питер Кук ИШИД террорчилик ташкилоти бошлиқларидан бири Абу Умар аш-Шишаний 4 март куни Суриядаги Шаддади шаҳри ташқариси АҚШ томонидан авиаҳужумга учраши натижасида йўқ қилинганини маълум қилган эди.

Кейинроқ Лондондаги Инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича Сурия маркази раҳбари аш-Шишанийнинг тирик қолгани ҳақида баёнот берган эди.

14 март куни эса CNN телеканали ўз манбасига асосланган ҳолда ўтган ҳафтада жароҳатлар туфайли шифохонага ётқазилган аш-Шишаний тузалмасдан вафот этгани ҳақида хабар тарқатганди.