Истанбул шаҳри шарафини ҳимоя қиладиган "Галатасарой" жамоасининг германиялик легионери Лукас Подольски Туркияни тарк этиш тараддудига тушган.

Германиядаги Bild нашри хабарига кўра, у Анқарада 13 март куни содир этилган теракт туфайли таҳликага тушган ва шундай қарор қабул қилган. Қайд этилишича, теракт содир этилган вақта у Туркия пойтахтида бўлган.

Подольскига қишки трансферлар вақтида Хитойнинг «Шанхай Шеньхуа» жамоаси жиддий қизиқиш билдирганди. Хитойликлар унга йилига 9 млн евро маош тўлашни назарда тутувчи 3 йиллик шартномани таклиф қилишганди.

"Бавария", "Арсенал" ва "Интер" жамоаларининг собиқ футболчиси жорий мавсумда "Галатасарой" таркибида 22 ўйин ўтказиб, 10та гол урган ҳамда 4та голли пас муаллифи бўлган.

Портлаш 13 март куни маҳаллий вақт билан соат 18:43да, Анқаранинг Қизилой туманидаги автобус бекатларининг бирида, мамлакат бош вазирига қарашли офис яқинида, одамлар энг гавжум вақтда содир этилган. Миналаштирилган автомобиль одамлар минган икки автобус ўртасида портлатилган.

Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирга қадар 37 киши ҳаётдан кўз юмган, 125 киши жароҳат олган, 71 киши касалхоналарда қолмоқда.

Анқарадаги теракт вақтида "Галатасарой" футболчисининг отаси ҳалок бўлган