Украина Олий радаси 2016 йилдаёқ Европа Иттифоқи билан визасиз тартибга эришиш учун барча нарсани қилди, деб ҳисобламоқда Украина президенти Пётр Порошенко.

Олий рада 15 мартда 2016 йилдан амалдор шахслар учун мул-мулк, даромад, харажат ва молиявий характердаги мажбуриятлар ҳақидаги электрон декларациялар ҳақидаги қонунни қабул қилди. Қонунга кўра, декларация пайтида ҳақиқатга мос бўлмаган маълумотни тақдим қилиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортишга олиб келиши мумкин. Қонун Европа Иттифоқи билан визасиз тартибни эркинлаштириш бўйича дастурни бажариш доирасида Киев қабул қилиши керак бўлган охирги ҳужжатлар пакети ҳисобланади.

“Мен томондан киритилган электрон декларациялаш ҳақидаги қонун лойиҳаси қабул қилинди. Унинг қабул қилинишига алоқадор бўлган барчага раҳмат! Парламент украиналиклар шу йилданоқ Европага визасиз боришлари учун барча нарсани қилди”, деб ёзди Порошенко фейсбукдаги саҳифасида.

Украинанинг Европа Иттифоқи билан келишувига кўра, электрон декларациялаш 2016 йил 1-чорагида амалга оширилиши керак эди. Киев украиналиклар учун виза тартибини эркинлаштириш доирасида шундай мажбуриятларни ўз зиммасига олган. Бироқ парламент 2016 йил учун қабул қилинган давлат бюджетида декларациялар киритилишини 2017 йилга қолдирди. Бу ўзгаришлар Европа Иттифоқи билан келишилмагани сабабли Рада электрон декларациялашни киритиш муддатини 2017 йилга кўчиришдан воз кечиш ҳақидаги қонунни қабул қилди. Бироқ бу қонунда амалдор шахс томонидан ўз даромадлари ҳақида ҳақиқатга мос бўлмаган маълумотни тақдим қилганлик учун жиноий жавобгарлик 2017 йилга кўчирилиши кўзда тутилган.

Аввалроқ Украина президенти матбуот хизмати Порошенко 17 мартда Брюсселга ташриф буюриб, Европа Иттифоқи етакчилари билан Украина фуқаролари учун визасиз тартибни расмийлаштиришни якунлаш масаласини муҳокама қилишини маълум қилганди.