Россия авиацияси Сурияда террорчиларга зарба беришда давом этади. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири ўринбосари, статс-секретарь Николай Панков 15 март куни Хмеймимда ўтказилган тантанали маросим вақтида маълум қилди.

"Муайян ютуқларга эришилди. Олиб борилган амалиётлар натижасида Сурияда кўп йилдан буён давом этган зўравонлик ва қарама-қаршиликларга чек қўйишнинг реал имконияти пайдо бўлди. Шу билан биргаликда ҳозирча терроризм устидан ғалаба қилингани ҳақида гапиришнинг мавриди эмас. Россия авиагуруҳига террорчиларнинг объектларига зарбалар беришни давом эттириш вазифаси топширилган", — деди Панков.

Вазир ўринбосари Сурияда 27 февралдан эътиборан кучга кирган ўт очишни тўхтатишни назарда тутувчи тинчлик сулҳи ИШИД, "Жабҳат ан-Нусра" ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан террористик деб топилган бошқа гуруҳлар учун амал қилмаслигини эслатиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 14 март куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Россия қўшинларини 15 мартдан бошлаб Суриядан олиб чиқишни бошлашга буйруқ берди. 

Хмеймимдаги базадан Россия ҲКК самолётларининг илк гуруҳи олиб кетилди