Жаҳон ҳамжамиятини можароли ҳудудларда матбуот ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш учун самарали чора-тадбирлар кўришга чорловчи Press Emblem Campaign (PEC) нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, Сурияда беш йил давомида 88 журналист, улардан 13 таси ўтган йили қатл этилган. 2016 йил январидан буён эса яна икки журналист ўлдирилган ва бир нечаси жароҳатланган.

PECнинг баён қилишича, Сурия тўрт йилдан буён кетма-кет “ОАВ ходимлари учун энг хавфли мамлакатлар қатори”га киради. У ерда омма олдида репортёрларнинг бошларини олишган, отиб ташлашган. Журналистлар тарафлар отишмаларида ҳалок бўлганлар, асир олиниб, можаронинг барча иштрокчилари томонидан қийноққа солинганлар.

Журналист-қурбонлар сони жуда кўп мамлакатлар қаторига Афғонистон, Ироқ, Покистон ва Яман ҳам киради, деб хабар беради ТАСС.

PEC 2004 йилда ташкил топган бўлиб, БМТ қошидаги маслаҳат бериш ташкилоти мақомига эга. Журналистлар ўртасида қурбонлар сони ҳақида маърузалар тайёрлаб, нотинч мамлакатларда матбуот ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш борасида жамоатчиликни жиддий чоралар кўришга чорлайди.

Бундан ташқари, ташкилот фикрни эркин ифодалаш ёки журналист этикаси бузилиши ҳолатларида ҳам ўз муносабатини билдиришга ҳаракат қилади.