Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқарадаги терактни бутун Туркия ва унинг фуқароларига қилинган ҳужум деб айтди.

13 март кечки пайт Анқара марказида, мамлакат бош вазири идораларидан бири ёнида автобус бекатида одам гавжум бўлган вақтда, иккита автобус орасида бўлган миналаштирилган автомобиль портлатилган. Охирги маълумотларга кўра, теракт оқибатида 37 киши ҳалок бўлган, 125 киши жароҳат олган, улардан 50 га яқини шифохоналарда қолмоқда.

“Қонли теракт бутун Туркия, унинг 79 млн фуқаросига қаратилган бўлган. Бу ҳужум билан террорчилик ташкилоти яна бир бор ўзининг разил юзини кўрсатди. Ҳужумдан мақсад халқимиз орасида қўрқув уйғотиш, Туркияни ўз қарашларидан воз кечишга мажбурлашдан иборат эди. Бироқ улар бунга ҳеч қачон эриша олмайдилар. Террорни қурол сифатида ишлатадиганлар ҳеч қачон Туркияни тиз чўкишга мажбурлай олмайди. Аксинча, уларнинг ўзи тиз чўкади”, деб айтди Эрдўған ўзининг озарбайжонлик ҳамкасби Илҳом Алиев билан биргаликда берган матбуот-анжуманда.

Илҳом Алиев ҳозирда Анқарада ташриф билан қолмоқда.

Эрдўған Алиевни Туркияга теракт билан боғлиқ кўрсатилган ҳамжиҳатлиги ва қўллаб-қувватлови учун миннатдорчилик билдирди.