ИШИД ўз ҳудудининг 22 фоизини ва даромадининг 40 фоизини йўқотган

Жаҳон 16 Март 2016 369

ИШИД Сурия ва Ироқда кейинги 14 ой давомида ўз назорати остидаги ҳудудларнинг тахминан 22 фоизини бой берган. Бу ҳақда IHS таҳлилчилари хабар қилишган.

Компания тадқиқотлари натижаларига кўра, ИШИД бу вақт мобайнида даромад манбаларининг (асосан нефть конлари) 40 фоизидан айрилган. Таҳлилчилар ИШИД эндиликда Сурия ва Туркия чегараси яқинида ўз таъсирини йўқотганини билдиришган.

6 март куни АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров телефон мулоқоти орқали Суриядаги тинчлик сулҳига амал қилинаётгани бўйича суҳбатлашишганди.

27 февраль куни Россия ва АҚШ ташаббуси билан Сурияда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув кучга кирди. Ҳужжат Сурия ҳудудида ИШИД ва БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган бошқа гуруҳлардан ташқари барча гуруҳларга нисбатан ўт очишни тўхтатишни назарда тутади.

ИШИД 2014 йилнинг ёзидан бошлаб Ироқ ва Сурия ҳудудида катта ҳудудларни эгаллаб олган террорчилик ташкилоти бўлиб, халифа томонидан бошқарилади. 2014 йилнинг августидан АҚШ бошчилигидаги 65 давлат коалицияси Ироқ ҳудудида жангариларни бомбалашга киришди. Бир неча ойдан кейин коалиция самолётлари Сурия ҳудудидаги жангариларни бомбалай бошлади. 2015 йилнинг 30 сентябридан эса Россия Сурияда ҳаво амалиётлар ўтказишни бошлади.

Кўпроқ янгиликлар