Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий суғуртаси бўлмаган меҳнат муҳожирларига мамлакат ҳудудига киришни тақиқлашни таклиф қилди.

Суғуртачиларнинг фикрига кўра, бу суғуртанинг нархи 10 минг рублдан кам бўлмайди.

“Россия Федерациясига кириш ва чиқиш тартиби тўғрисида”ги қонунга киритилиши мумкин бўлган шу мазмундаги ўзгартириш омма муҳокамасига қўйилди. Агар бу қонун лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилса, миллионлаб хориж фуқаролари моддий зиён кўради.

Суғурта суммаси 2 миллион рублдан иборат бўлиши ҳамда фавқулодда ва шошилинч ҳолатларда тиббий ёрдам харажатларини қоплаши лозим. Россия қонунчилигига кўра, муҳожирлар ҳозир ҳам тиббий суғурта полисларига эга бўлишлари керак, бироқ бунда амал қилиш муддати ва қоплаш суммаси муҳокама қилинмаган.

Бундан ташқари, Россия ҳудудида ишлашга рухсат берувчи патент олиш учун ҳам тиббий полис бўлиши шарт. Патентнинг ўртача нархи 5,5 минг рубль.

“Добрососедство” халқаро алоқаларни ривожлантириш Жамғармаси директори Юрий Московский Sputnik’ка бундай чоралар катта муаммолар келтириб чиқаришини маълум қилди. Чунки, “кундек равшан-ки, ойига 20 минг рубль ойлик оладиган одамлар, тиббий суғурта учун 10 минг рубль тўлай олмайди. Бу одамларни Россияга келишдан қайтаради ёки беркиниб ишлашга мажбур қилади”.

Московскийнинг фикрига кўра, бундай чоралар “аҳолининг камбағал қатлами ҳисобига” давлат бюджетини тўлдириш учун ўйлаб топилган.