Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги хабарига кўра, мамлакатимизнинг электроэнергетика, кимё, нефтгаз, тоғ-кон ва қурилиш тармоқларидаги 44 та йирик корхоналари яқин йилларда электр сарфлаш ҳажмини камайтирадилар.

Лойиҳада Навоий кон-металлургия комбинати, “Шўртаннефтгаз” унитар шўъба корхонаси, “Муборакнефтгаз” унитар шўъба корхонаси, “Ўзметкомбинат” акциядорлик ишлаб чиқариш бирлашмаси, “Қизилқумцемент” акциядорлик бирлашмаси, “Фарғонаазот” АБ ва бошқа йирик миллий саноат корхоналари иштирок этадилар.

Улар компрессорлар, буғ қозон ва трубиналари, частота ўзгартирувчи мосламалар сотиб оладилар. Шунингдек, иккиламчи энергия заҳираларидан фойдаланиш, хусусан, технологик ускуналарнинг чиқиндилари ва чиқинди газларни утилизация қилиш ҳам назарда тутилган.
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 12 июндаги қарори билан тасдиқланган Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан 100 миллион доллар қийматидаги қўшимча молиялаштириш доирасида амалга оширилади.

Етакчи иқтисодий идоралар прогнозларига кўра, лойиҳани амалга ошириш натижасида йилига 372,5 миллион кВт/соатгача электр қувватини ва 198 миллион кубометргача табиий газни тежаб қолиш мумкин бўлади.