Қашқадарёлик Н.Худойназаров ғараз ниятда Н.Дилмуродов, М. Бердиқулов ва Ш.Мирзакаримовлардан иборат жиноий гуруҳ тузади ва ўзини бош деб эълон қилади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Улар валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ва ўтказишни режалаштириб, жиноий шериклари бўлмиш, Н.Дилмуродов билан бирга фуқаро Б.Исломовга “Император Николай-2” тамғали 5 ва 10 рубль қийматидаги сариқ металл тангаларни сотишга келишишади ва бу ишни амалга оширишади. Умумий ҳисобда 38 млн сўмга ҳисоблаб сотилган “Император Николай-2” тамғали 10 рубль қийматли 17 дона ва 5 рубль қийматли 6 дона сариқ металл тангалар ашёвий далил сифатида олинган.

Шу билан бирга, тезкор тадбир давомида Н.Худойназаров ва М.Бердиқуловлар қимматбаҳо “икона” буюмини Б.Исломовга 6000 АҚШ долларига сотиш учун беришганлиги аниқланиб, бу буюм ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Жиноятчиларга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига мувофиқ, валюта бойликларига чет эл валютаси, қимматли қоғозлар, чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатлари ва қимматбаҳо металлар киради.