Қозоғистон давлат автомобиль назорати ходимлари электрокарлар эгалари клуби иштирокчиларини баланд тоғ спорт мажмуасига Қозоғистон президенти у ерга курортнинг экологиясига зарар етказувчи машиналарни қўймаслик ҳақидаги буйруғидан кейин қўйишмади. Бу ҳақда “Kazakhstan Tesla Club” клуби иштирокчиси Санжар Алтаев фейсбукда маълум қилди.

Алтаевнинг айтишича, ДАН ходимлари Tesla русумидаги электрокарларни “Медеу” спорт мажмуаси ва “Чимбулоқ” баланд тоғ курортига кираверишда тўхтатишган. Патруллар кириш фақатгина газда юрувчи “Эко такси”ларга мумкин эканлигини айтишган.

Алтаев томонидан чоп этилган ушбу ҳолат тасвирланган видеода ДАН ходимларидан бири Tesla электр двигателда юришини тан олаётгани, бироқ уни қўйишдан бош тортаётганини эшитиш мумкин. Бу орада эса тўхтатилган автомобилчилар ёнидан курорт томон автобус ўтиб кетган.

“Ҳокимият “Чимбулоқ”қа электромобилларнинг киришига рухсат берилишини ишлаб чиқсин. Бу бошқаларга экологик тоза транспорт туридан фойдаланиш борасида яхши ўрнак бўлади”, деб ёзмоқда Алтаев.

Февраль ўрталарида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Олмаотани ривожлантириш ва 2017 йилги Бутунжаҳон қишки универсиадасига тайёрланиш бўйича ўтказилган йиғилишда курортга машиналар киришини чеклашни талаб қилди. Назарбоевнинг айтишича, “Медеу”га чиқиш учун осма йўл қурилганига қарамасдан, баъзилар “Чимбулоқ”да коттежлар қуришни давом эттириб, у ерга машиналарда бормоқда.

“Мен “Медеу”да машиналар эмас, каток бўлиши учун катта маблағ йиғдим, сармоячиларни жалб қилдим, “Медеу” осма йўлини қурдик. Нима бўлаётганига бир қаранг. Бу қандай расвогарчилик? Биз нима учун осма йўлни қурдик? Ҳеч ким машинада чиқмаслиги, “Чимбулоқ”нинг нозик экологияси бузилмаслиги учун. Бунақада бутун ўрмонни нобуд қиламиз. Бироқ раҳбарият қандайдир рухсатлар олиб, барибир машинасида кирмоқда”, деб айтганди Назарбоев.

“Медеу” денгиз сатҳидан 1600 метр баландликда жойлашган баланд тоғ спорт мажмуаси бўлиб, унинг ичига очиқ осмон остидаги каток (коньки учиш учун яхмалак) ҳам киради. “Чимбулоқ” курорти эса сал юқорироқда жойлашган бўлиб, у ерга катокдан 800 метр нарироқдаги осма йўлдан чиқилади.