Қозоғистонликларга бюджет пуллари тақсимлаб берилиши мумкин. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев муқаррар базавий даромадни татбиқ қилиш тажрибасини ўрганиб чиқишга буйруқ берди. Агар бу лойиҳа маъқулланса, унда қозоғистонликлар давлатдан ҳар ой маълум миқдорда пул олиб турадилар, деб хабар бермоқда Тижорат телевизион канали.

Бундай тўловлар бир қатор давлатларда татбиқ қилинмоқда, бироқ, мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, янги киритиладиган қоида бюджетни бўшатиши, боқимандалик кайфиятининг ўсиши ва ишсизлар сонининг кескин кўпайишига олиб келиши мумкин.

Муқаррар базавий даромадни татбиқ қилиш учун барча ижтимоий нафақалар олиб танланиши керак – пенсионерлар, талабалар, кам таъминланган ва кўп фарзандли оилалар ҳар ойлик тўловларни олишмай қўяди. Бунинг ўрнига бюджет пулларини барча олиши мумкин бўлади.

“Бунинг иқтисодий ғояси шундаки, одамлар муқаррар базавий даромад олишганда улар ўзларига ёқмайдиган жойларда ишлашдан тўхтайдилар. Ўзларида ижодий қобилиятлар, янги бизнес-ғоялар ривожлантира бошлайдилар, волонтёрлик ривожланади ва бу янги ғояларга туртки беради. Бу иқтисодий ўсишнинг омили ҳисобланади”, деб айтмоқда иқтисодчи Шолпан Айтенова.

Аввал бу ғоя мамлакатнинг баъзи ҳудудларида синовдан ўтказилган эди. Тажриба ижобий натижалар берган – гумонларга қарамасдан, одамлар оммавий равишда иш ташлашни бошламадилар, аксинча, устахоналар, дўкон ва расталар очишни бошлаганлар.

Ҳозирда Европанинг бой давлатлари ўзларининг фуқаролари ҳисобларига мўмайгина пуллар ўтказиб туришни режалаштирмоқдалар. Бу маблағ Финляндияда 550 еврони, Швейцарияда эса 2500 франкни ташкил қилиши мумкин.

Бироқ Қозоғистон ҳукуматида қозоғистонликлар ўз ишларини ташлашларидан хавфсирамоқдалар: кўча супуриш, фаррошлик қилиш ва шахталарда ишлашга одам қолмайди. Кўчалар ишсизлар билан тўлиб кетади. Нурсултон Назарбоевнинг ўзи ҳам аввал аҳоли орасидаги боқимандалик кайфиятини бир неча бор танқид қилган эди. Назарбоев ишлашни истовчиларга барча шароитлар яратилгани, давлат ҳисобига яшаш ўтмишда қолганини айтиб ўтган.

Финлар бундай тизимни бутун давлат миқёсида биринчи бўлиб татбиқ қиладилар. Икки йиллик тажриба давомида Финляндия ҳукумати ўз фуқароларига юз миллиард евродан кўпроқ маблағ сарфлайди.

Қозоғистонлик экспертларнинг фикрича, Қозоғистон ўз фуқароларига бундай тўловларни амалга оширишга ҳали тайёр эмас. Уларнинг фикрича, кўп миллиардлик харажатлар қисқа фурсатларда давлат ғазнасини хонавайрон қилади.