Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр Россия билан Суриядан қўшинларнинг олиб чиқилиши ўрнига нефть секторида ҳамкорлик қилиш борасида келишувнинг йўқлигини маълум қилди, деб ёзмоқда Reuters ахборот агентлиги.

“Менинг билишимча, бундай келишув бўлмаган”, деб айтди ал-Жубайр Москва ва Ар-Риёд ўртасида “катта келишув” тузилгани ҳақидаги саволга жавобан.

16 февралда Қатарда Россия энергетика вазири Александр Новак ва ОПЕК давлатлари вакиллари билан 2016 йилда нефть қазиб олишнинг ўртача ҳажмини январь ойи даражасида қолдириш бўйича дастлабки келишувга эришилганди.

Саудия Арабистони нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш таклифини нефть қазиб олувчи давлатлар ўртасида ўзаро ишончнинг йўқлиги сабабли рад этганди.