АҚШ пойтахти Вашингтондаги метро 16 мартдан бошлаб камида бир кунга ёпиладиган бўлди. Бу ҳақда The Washington Post нашри расмий шахсларга иқтибос келтирган ҳолда маълум қилди.

Метро АҚШ вақти билан чоршанбага ўтар кечаси (Тошкент вақти билан соат 9:00) 24 соатга ёпилади. Метро ёпилишига электр кабеллар хавфсизлигини текшириш сабаб бўлмоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, метрони ёпиш ҳақидаги қарор 14 мартда кабеллардан бири ёниб кетганидан кейин қабул қилинган. Худди шунга ўхшаш воқеа ўтган йили тутунланишга сабаб бўлган, бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлганди ва ўнлаб кишилар жароҳатланганди.

Вашингтон метроси раҳбарининг таъкидлашича, бундай қарор авваламбор йўловчиларнинг хавфсизлиги ва ўтган йилдагидек ҳолат такрорланмаслиги учун қабул қилинди.

Унинг айтишича, метро ёпилиши вақтида 600 га яқин электр кабель текшириб чиқилади. Агар текширув вақтида кабелларда хавфли ҳудудлар аниқланса, унда метро таъмирлаш ишларини ўтказиш учун кўпроқ муддатга ёпилиши мумкинлиги таъкидланди.