Анзур Исмоилов: "Мен "МатчТВ"га интервью бермадим"

Спорт 17 Март 2016 490

15 март куни "МатчТВ" каналининг расмий сайтида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Анзур Исмоилов билан интервью чоп этилганди.

Унда футболчининг Хитой чемпионатидаги вазият, Ўзбекистон футболидаги ҳолат ҳамда "Бунёдкор"га бразилиялик Зико ва Скорлари бош мураббий бўлиб келган даврлар ҳақидаги гаплари келтирилганди.

Интервьюдаги аксар гапларга мухлислар томонидан эътирозлар билдирилганч, вазиятга аниқлик киритиш мақсадида championat.asia сайти футболчининг ўзи биз билан боғланди. Анзур Исмоилов эса бу интервью ҳақида интернетдаги хабарлар орқали билгани, унда келтирилган сўзлар унинг ўзи томонидан айтилмаганини маълум қилди.

"Интервьюда жуда хунук гап-сўзлар мавжуд. Қандай қилиб ўзим тўп тепиб юрган чемпионат борасида ёмон фикр билдиришим мумкин? Қолаверса, МТЖ томон айтилган гаплар ҳам тўғри эмас. Афтидан "МатчТВ" мени қидирган-у, менга яқин бирон кишидан интервью олган. Бу борада бугун улар билан гаплашдим, улар "Анзур билан гаплашдик" дейишяпти. "Анзур менман, мен билан суҳбатлашдингларми десам", "йўқ" дейишди. Аксар маълумотларни интернет сайтларидан олганликларини айтиб, интервьюни ўчириб ташлашга ваъда беришди. Улардан номимдан ким интервью бергани ва ўша кишининг телефон рақамини сўрадим, уни топиб беришга ваъда беришди, кутяпман. Шунда барчаси ойдинлашса, ажаб эмас, - дейди Анзур Исмоилов.

Айни вақтда бу интервью телеканал сайтида қолмоқда.

Кўпроқ янгиликлар