Канададаги Сен-Жером турмасидаги видеокузатув камералари икки маҳбуснинг турмадан қочишини ёзиб олган. Бу ҳақда Sky News нашри хабар бермоқда.

Барчаси Голливуд фильмларидагидек юз берган. Турма томи устида маҳбусларни вертолёт пойлаб турган, маҳбусларга фақатгина вертолётдан ташланган трос орқали томга чиқиб олишгина қолган. Бироқ видеода тасвирланишича, маҳбуслар анчагача бунинг уддасидан чиқа олишмаган. Уларнинг вертолётдаги шерикларининг ҳам уларни тортиб олишга уринишлари бесамар кетган.

Охир-оқибат маҳбусларнинг шериклари уларни тросда осиғлиқ турган ҳолларича ҳавога кўтариб кетган. Ушбу видеодаги воқеалар 2013 йилда юз берган, бироқ видео 3 йил “махфий” белгиси остида сақланган ва эндигина ОАВга уни чоп этишга рухсат берилган.

Таъкидланишича, қочоқлар бир неча соатдан кейин, автомобилда яширинишга уринганда полиция томонидан ўраб олиниб ушланган ҳамда турмага қайтарилган.

Худди шунга ўхшаш воқеа Канаданинг Квебек вилоятидаги турмада ҳам юз берган. Ўшанда ҳам 3 нафар маҳбус вертолётда турмадан қочишга муваффақ бўлган, бироқ улар ҳам охир-оқибат ушланган.