Кэмерон: Буюк Британия Туркия билан визасиз тартибга рози бўлмайди

Жаҳон 17 Март 2016 336

Агар Европа Иттифоқи Туркия билан визасиз тартиб киритишга қарор қилса, Буюк Британия бунга рози бўлмайди. Бу ҳақда Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон Европа Иттифоқи-Туркия саммитига келиши билан айтди.

“Биз Шенгендан ташқарида бўла туриб, ўз чегара назоратимизни ўзимиз амалга оширганимиз учун туркларга бу келишувнинг қисми сифатида визасиз киришни таклиф қилмаймиз. Биз ўз иммиграция сиёсатимизни сақлаб қоламиз”, деб айтди Кэмерон.

Брюсселда 17 мартда бошланган икки кунлик саммитда Греция оролларигача етиб келган ноқонуний муҳожир ва қочқинлар ортларига – Сурияга автоматик равишда қайтариладиган схема муҳокама қилинади.

Туркия Европага миграцияни чеклашнинг шартларидан бири сифатида Европа Иттифоқи билан қисқа муддатли сафарлар учун визаларнинг июлдан бошлаб бекор қилинишини талаб қилмоқда. Бироқ Европа Иттифоқи билан визалар бўйича ҳаракатлар режасига кўра Туркия Еврокомиссиянинг 72 та талабини бажариши керак. Айни вақтда Анқара томонидан бу талабларнинг 35 таси бажарилган.

Кэмерон Туркияга суриялик қочқинларни юбориш схемасини “яхши фикр” деб атади. “Жорий тизим одамлар контрабандаси билан шуғулланувчилар бизнес моделига хаспўшлик қилади ва қайиққа ўтириб Европада бошпана олиш ўртасидаги алоқани узиш керак. Биз грек оролларидан одамларни Туркияга қайтарилиши ғоясини қўллаб-қувватлаймиз, бу яхши фикр”, деб айтди Кэмерон.

Кэмерон Буюк Британия Сурия билан қўшни давлатлардаги БМТ томонидан бошқариладиган лагерлардан суриялик қочқинларни қабул қилишни давом эттиришини айтди. Бу суриялик қочқинларни кўчириш дастури доирасида амалга оширилади, унга кўра Лондон 2020 йилгача 20 минг сурияликни қабул қилишга рози бўлган.

Кўпроқ янгиликлар